Ҳаракатлар нимадан дарак беради?

741d1477bd1669971e4c7760b016599eБалки асабий ҳолатдаги суҳбатдошингиз сизнинг мулойим табассумингиз сабабли ҳаяжонини енгиб, муаммоларига ечим топар? Хушчақчақлик ва мулойимлик — комил инсоннинг асосий фазилатларидан бири эканини унутманг!

Ҳаяжонланиш ҳаммага хос ҳолат. Кўпчилик бундай пайтда асабийлашади ва асабийлашаётганини яширишга уринади. Катта компанияларга суҳбатга борилганда, кўча-кўйдаги кутилмаган қалтис ҳолатлар, ноқулай кийим ва шу  каби ҳолатларда ҳаяжонланганимизни яшириб, гўё ожизлигимиздан уялган бўламиз. Аммо биз яширишга уринган ҳолатни юз-кўзимиз, ўзимизни тутишимиз ошкор қилади.

Танамиздаги асаб толалари биз бирор муаммога йўлиқиб асабийлашганимизда ёки ҳаяжонланганимизда хатти-ҳаракатларимиз ва мимикаларимиз орқали ҳолатимизни акс эттиради. Қуйида шу хусусда фикр юритилади. Унга кўра суҳбатдошингизнинг хатти -ҳаракатларини кузатиб, у нимадан ташвишланаётганини билиб олишингиз мумкин.

Кўзни яширишга уриниш

Хорижда полиция ходимлари жиноят содир қилганда гумон қилинаётган киши чироқ ёки ёниб турган нарсага қарашдан ўзини олиб қочишини таъкидлашган. Одатда, суҳбатдошингиз қаршингизда қора кўзойнагини ечмай турса, билингки, у ўзининг хатоси ё айбини билади ва атрофдагилардан шунинг учун уялади.

Сочларини ўйнаш

Одатда қизлар ҳамдарлик билдирганда ёки нозланганда сочларини ўйнашади.  Аммо шу билан бирга бу ҳаракат қиз боланинг қандайдир ташвиши борлигига ҳам ишора қилади. Қаршингиздаги қиз қошларини чимириб, сочини ўйнай бошласа билингки, у сиздан қандайдир муаммони яширяпти.

Лаблар пирпираса

Суҳбат давомида қаршингиздаги инсоннинг лаблари пирпираса — у аниқ стрессни бошдан кечираяпти! Баъзан ёлғондан ўзини беташвиш кўрсатиш учун кулмоқчи бўлади ёки лабларини қаттиқ тишлаб олади. Бу эса унинг бошқа бир шахс босими остида қолганлигидан дарак беради.

Бармоқлар ишораси

Бармоқ ҳаракатларининг бир неча тури бўлиши мумкин. Шунингдек, бармоқлар мимикаси эгасининг муаммолари кўплигидан далолат беради. Агар суҳбатдошингиз дам бармоқларини қисиб, дам қўлларини мушт қилиб тугса, билингки, унинг қаттиқ жаҳлини чиқаришган ва шунинг учун у сиз билан мулоқотга киришишдан чўчияпти.

Эснаш

Албатта қаршингиздаги одам кетма-кет эснаса сиз уни ё қаттиқ чарчаган, уйқуси келяпти деб ўйлайсиз ёки суҳбатдошини менсимаяпти, деган хаёлга борасиз. Ваҳоланки, у ечимсиз муаммолар қаршисида қолиб кетган ва низоли вазиятдан қандай қутулиш йўлларини излаяпти.

Юзни сийпалаш

Агар қаршингиздаги инсон тинмай юзига тегинаверса, демак у ҳаяжонланаётгани ва ёки муаммоларидан ташвишга тушаётганини суҳбатдоши сезиб қолишидан чўчияпти. Кўп ҳолларда асабийлик юз ифодасида намоён бўлади. Юзини тинмай сийпалаётган суҳбатдошингиз эса гўёки юзидаги ифодани қўли билан ўзгартиришга уринади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам асабийликдан сақланиш керак. Унутманг, асаб толалари қайтиб тикланмайди ва дунёдаги ҳеч бир нарса асабийлашишингизга арзимайди. Шунингдек қаршингиздаги инсон ким, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар сиз унга самимий муносабатда бўлинг, сўзларини жон қулоғингиз билан тинглашга ҳаракат қилинг. Балки асабий ҳолатдаги суҳбатдошингиз сизнинг мулойим табассумингиз сабабли ҳаяжонини енгиб, муаммоларига ечим топар? Хушчақчақлик ва мулойимлик — комил инсоннинг асосий фазилатларидан бири эканини унутманг!

xabardor.uz saytidan olindi

WordPress Themes